Пенсия қандай ҳолларда қайта ҳисобланиши маълум қилинди
Пенсия жамғармаси пенсия қандай ҳолларда қайта ҳисобланиши бўйича тушунтириш берди.
Пенсия жамғармаси пенсия қандай ҳолларда қайта ҳисобланиши бўйича тушунтириш берди.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 49-моддасига асосан, пенсияларни қайта ҳисоблаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- пенционер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этганда;
- ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари ўзгарганда;
- даромадлар индексация қилинган тақдирда.
Бундан ташқари, фуқарога И ва ИИ гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади.
Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санада кўрсатилган унинг ёшига нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Пенционерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқлар пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этиши мумкин.