2 Iyun 2023, 10:49 Iqtisod

Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспорти ҳажмини оширмоқчи

2025 йилдан Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспортини босқичма-босқич 25 баробардан зиёдроққа оширмоқчи. 2022 йилда мамлакатга 13,6 млн долларлик 487,9 минг тонна кўмир етказиб берилган.

Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспорти ҳажмини оширмоқчи

Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспортини босқичма-босқич 25 баробардан зиёдроққа оширишни режа қилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири ўринбосари Иран Шарханнинг сўзларига таяниб, «Kursiv Media» хабар бермоқда.

«2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонга кўмир етказиб беришни босқичма-босқич (0,5 миллион тоннадан) 12,8 миллион тоннага етказиш кўриб чиқилмоқда. Экспорт йўналишлари кенгаяди», — дейди Қозоғистон расмийси Остонадаги тўртинчи кўмир саноати форуми чоғида.

2022 йилда Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан ташқарига 701,5 миллион долларлик 9,8 миллион тонна термал кўмир экспорт қилган. Ўзбекистонга 13,6 миллион долларлик 487,9 минг тонна кўмир етказиб берилган: 2021 йилга нисбатан етказиб бериш миқдорий кўрсаткичда 18,4 фоизга ва пул кўринишида 30,3% га ўсган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонга 121,8 миллион долларлик кўмир, кокс ва брикет импорт қилинган, 2021 йилга нисбатан импортнинг йиллик ўсиши қарийб 30 фоизни ташкил этган. 2022 йилда Ўзбекистондаги йирик корхоналар томонидан кўмир қазиб олиш ҳажми қарийб 6 фоизга ёки 0,29 миллион тоннага, яъни 5,05 миллион тоннадан 5,35 миллион тоннага ўсган.

Mashhur yangiliklar