«Қўқон био кимё» АЖ Абдулазиз Камиловнинг ўғлига сотилди
«First Premium Alliance» МЧЖ қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган.
«Қўқон биокимё» АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакети 277 млрд сўмга «First Premium Alliance» МЧЖга сотилди.
Давактив агентлигига кўра, корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Тендер савдоларида эса сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 4 та аризалар келиб тушган. Келиб тушган таклифлар орасида келажакда жамият фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятли бўлган «First Premium Alliance» МЧЖ қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган.
Давактив агентлиги, шунингдек, компания таъсисчилари Тошкент шаҳрида алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик заводга эга эканлиги ҳамда Компаниянинг Республикада ва МДҲ мамлакатларида йирик дистрибюторлик тармоқлари мавжудлиги тендер савдоларида эътиборга олинганини таъкидламоқда.
Маълумот учун, «First Premium Alliance» МЧЖ алкогол маҳсулотларини улгуржи ва чакана сотишга ихтисослашган компания ҳисобланиб, мазкур компаниянинг ягона таъсисчиси Камилов Данияр Абдулазизовичдир. Данияр Камилов эса Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг ўғли бўлади. У бир пайтлар Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси манзилида жойлашган ДХХнинг собиқ биноси – «Марказий бино»ни 210 млрд сўмга сотиб олгани билан ҳам ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушганди.