ОИИБ Ўзбекистонда 2,58 млрд долларлик 12 та лойиҳани молиялаштиради
ИССВ раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов кеча Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский билан учрашди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, томонлар энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳаларида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш жараёни ҳамда 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига киритилган янги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Дастур доирасида яшил энергетика, сув таъминоти, автомобил йўлларини реконструкция қилиш ва инфратузилмавий ривожланиш каби жами 2,58 миллиард долларлик 12 та лойиҳани молиялаштирилиши назарда тутилган. Сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган AIIB бошқарувчилар кенгашининг 9-йиллик йиғилишига тайёргарликнинг боришини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.