1 Yanvar 2023, 18:33 Iqtisod

Наманганда «Sinepar» реклама баннери олиб ташланди

Бу препарат «Marion Biotech» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, ҳозирда Ўзбекистонда сотуви тақиқланган.

Наманганда «Sinepar» реклама баннери олиб ташланди

Наманган шаҳри марказидаги «Ўзстандарт» биноси устида «Sinepar» дориларини харид қилишга қаратилган реклама баннери олиб ташланди.

Қайд этилишича, «Marion Biotech» компанияси дориси рекламаси ҳанузгача олинмаган бўлган. Ушбу ҳолат шаҳар ҳокимлиги ҳамда вилоят монополия бошқармаси томонидан бартараф қилиниб, кўпчиликнинг эътиборини тортадиган реклама баннери олиб ташланган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими, вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси мутахассислари томонидан вилоят ҳудудида жойлашган дорихоналарда савдоси тақиқланган, Ҳиндистон компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва юртимизда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситаларининг харидига чек қўйиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Вилоят, шаҳар ва туман тиббиёт муассасалари, яъни Республика ихтисослаштирилган марказлари филиалларидан тортиб қишлоқ ҳудудларидаги оилавий шифокорлик поликлиникаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида «Шифокор тавсиясисиз дори истеъмол қилманг!», «Шифокор рецептисиз дори харид қилманг!» каби мазмундаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Mashhur yangiliklar