4 May 2023, 15:41 Iqtisod

МБ асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Регуляторга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши дастлабки прогнозлардан кўра юқорироқ бўлиши тахмин қилиняпти.

МБ асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 4 май кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш, шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга қаратилган.

Таъкидланишича, йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ҳамда мос равишда 11,7 ва 11,0 фоизга тенг бўлди. Ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффекти ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Инфляциянинг узоқ муддатли ва барқарор омилларини ифода этувчи базавий инфляцияда ҳам март ойида сезиларли пасайиш динамикаси кузатилиб, йиллик 12,9 фоизгача секинлашди (2022 йил декабрь ойида 13,8 фоиз). Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга ҳиссаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён биринчи марта 10 фоиз банддан камроқни ташкил этди.

Mashhur yangiliklar