Mastercard Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади
Расмий ваколатхонани очиш компания учун жойлардаги эҳтиёжни яхшироқ тушуниш имконини беради.
Mastercard глобал тўлов технологиялари компанияси Ўзбекистонда биринчи расмий ваколатхонасини очади.
Бу ҳақда компания Самарқандда ўтказилаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик конференциясида маълум қилди.
Mastercardʼнинг Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка минтақаси президенти Димитриос Досиснинг қайд этишича, расмий ваколатхонани очиш жойлардаги эҳтиёжни яхшироқ тушуниш имконини беради.
«Эндиликда барчанинг манфаати учун, яқин йилларда рақамли иқтисодиёт ривожи бўйича умумий мақсадларга эришиш йўлида, янада фаол ва унумли ишлашимизга аминман», — дейди у.
Конференция доирасида Mastercard инклюзив тараққиёт маркази глобал шерик — Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Марказий Осиёда ҳамкорликни кенгайтириш ва кичик бизнес эгалари, айниқса, аёллар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш мақсадида Ўзаро англашув меморандумини имзолади.