Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимлар сақланиб қолмоқда.
Марказий банк бошқаруви 2023 йил 27 июлдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган.
Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани кўрсатиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлганлиги асосий пасайтирувчи омиллардан бўлган. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмаган.