9 Aprel 2024, 08:51 Иқтисод

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шакар нархи ошиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Бугунги кунда етарли шакар ва шакар хом-ашёси захираси мавжуд бўлиб, Бразилиядан хом-ашё кириб келиши давом этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шакар нархи ошиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани ташкил этади.

Республикада фаолият юритаётган 2 та: «Ангрен Шакар» ва «Хоразм Шакар» МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етарлидир.

Россия томонидан шакар экспортини чеклаш Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармайди, чунки республикамиздаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг фаолияти Россия билан боғлиқ эмас ва 2023 йилда хом-ашё, асосан, 762 минг тонна миқдорида (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилинган.

Айни пайтда иккита шакар ишлаб чиқариш заводлари томонидан биржага ички бозор учун ҳар куни 2 100 тонна маҳсулот чиқарилаётган бўлиб, унинг атиги ўртача 300 тоннаси сотилмоқда, холос.

«Албатта, бу каби хабарлар ҳар йили мавсум бошланишидан олдин манфаатдор инсонлар томонидан ижтимоий тармоқларга сиздирилади. Шунинг учун барчани огоҳликка чақирамиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар маълумотига кўра, бугунги кунда етарли (4 ойлик савдо учун) шакар ва шакар хом-ашёси захираси мавжуд бўлиб, Бразилиядан хом-ашё кириб келиши давом этмоқда.

Шундай экан нафақат Россиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чеклансада, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжуд.

Машҳур янгиликлар