22 Yanvar 2024, 22:56 Iqtisod

Қирғиз–ўзбек автомобил заводининг ишга туширилиши кечиктирилди

Об-ҳаво шароити туфайли корхона йилнинг биринчи ярми охирида очиладиган бўлди.

Қирғиз–ўзбек автомобил заводининг ишга туширилиши кечиктирилди

Қирғизистон–Ўзбекистон автомобил заводининг ишга туширилиши бироз кечиктирилди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев маълум қилди.

Унга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари корхонани ишга туширишга келишиб олган. Лойиҳани амалга ошириш бўйича йўл харитаси ва чора-тадбирлар режаси имзоланган.

«Йўл харитаси»га кўра, ушбу корхонани 2024 йил бошида ишга туширишни режалаштирган эдик. Аммо об-ҳаво шароити туфайли бу сана йилнинг биринчи ярмига кўчирилди. Аммо иш тўтамаган, Сўқулуқ тумани аҳолиси қурилишнинг жадал суръатларда бораётганини кўрмоқда. Ўйлайманки, биринчи ярим йил охирига қадар биз илк автомобилни тақдим этамиз», — деди Дониёр Амангелдиев.

2023 йил март ойида «Ўзавтосаноат» АК ва Қирғизистоннинг «ДТ техник» МЧЖ ва «НУР» АЖ ўртасида Қирғизистонда автомобил ва тижорат юк машиналари ишлаб чиқаришни (SKD) ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди. Корхона Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманида жойлашади. Заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Mashhur yangiliklar