18 Dekabr 2023, 17:13 Iqtisod

Инвестициялар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, функциялари ССПга ўтказилади

Экспорт агентлиги ва жамғармаси ҳамда «Ўзбекекспертиза» ташкилоти ҳам ССП тизимига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугунги селекторда маълум қилди.

Инвестициялар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, функциялари ССПга ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Давлат раҳбари жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳисобига иқтисодиёт учун зарур бўлган хом ашё ва маҳсулотлар нархи, уларни етказиб бериш харажатлари беқарорлигини таъкидлади.

«Маҳсулотларимиз нарх жиҳатдан рақобатбардош бўлишини истасак, энг аввало, ўзимиздаги хомашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр сифатли маҳсулотларни кўпайтиришимиз шарт ва зарур», деди президент.

Шавкат Мирзиёвга кўра, бу мақсадларни амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизимини қайта кўриб чиқиб, ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини Савдо-саноат палатасига ўтказиш керак.

Бу орқали лойиҳа қилиш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтказилади. Бу – тадбиркорларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиш, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида қилинмоқда.

Шунингдек, Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Ҳудудларда бу вазифалар билан Савдо-саноат палатасининг лойиҳа қиладиган ва экспортга кўмаклашадиган мутахассислари шуғулланади. Экспорт агентлиги ва жамғармаси, «Ўзбекекспертиза» ташкилоти ҳам Савдо-саноат палатаси тизимига ўтади. Ишлаб чиқариш, экспорт ва брендларга бериладиган грант, субсидия ва бошқа имтиёзлар палата орқали эгасига очиқ-ошкора ва шаффоф бериладиган тизим жорий қилинади, дея маълум қилинди селектокда.

Mashhur yangiliklar