8 Sentabr 2023, 11:14 Iqtisod

ХМК Марказий Осиё бўйича энг кўп Ўзбекистонга сармоя йўналтирди

2023 йилнинг Ўтган даврида мамлакатга ажратилган маблағлар ҳажми 1,56 млрд доларни ташкил этган.

ХМК Марказий Осиё бўйича энг кўп Ўзбекистонга сармоя йўналтирди

2023 йилнинг ўтган даврида Халқаро молия корпорацияси (ИФC) Марказий Осиёдаги лойиҳаларга 1,6 млрд доллардан ортиқ маблағ йўналтирди. Бу ҳақда молия ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.

Минтақа бўйича ХМКнинг энг йирик портфели Ўзбекистонга тўғри келади ҳамда 2023 йили 1,56 млрд доллар сармоя киритилган. Бу корпорациянинг 1993 йилда мамлакатда фаолият бошлаганидан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Шундан 49 млн доллари Ўзбекистондаги биринчи Зарафшон шамол электр станциясини молиялаштиришга йўналтирилган ва станция 2025 йили фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ХМК Сирдарё вилоятида ИEС қурилиши учун 150 млн доллар ажратиб, 1 млрд доллардан ортиқ хусусий молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам берди.

Мазкур лойиҳалар мамлакатнинг электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган талабини қондиришга ёрдам беради ва унинг декарбонизация ва энергияга ўтиш ишларини қўллаб-қувватлайди.

«Хусусий сектор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг кучли двигателидир, буни ХМКнинг минтақадаги фаолияти тасдиқлайди. Биз ҳамкорларимиз билан аҳоли турмушини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва минтақанинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш бъйича ўзгарувчан лойиҳалар устида ишлашда давом этамиз», — дейди ИФCнинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер.

Аввалроқ Ўзбекистон Халқаро молия корпорацияси билан инвестиция қонунчилигини янгилаши маълум қилинганди. ХМК мамлакатда хусусий секторнинг махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолиятида иштирок этишига имкон берувчи нормаларни жорий этишга ёрдам беради. Июнь ойида ХМТ ва ИФC Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширганди. Ҳар икки ташкилот Ўзбекистон томони, маҳаллий иш берувчилар ва ишчилар уюшмалари билан меморандум имзолаган.

Mashhur yangiliklar