15 Yanvar 2024, 10:54 Iqtisod

Германия Ўзбекистон ёшларини ўқитиб, кейинчалик ишга жойлаштирмоқчи

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасида Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш масалалари кўриб чиқилди.

Германия Ўзбекистон ёшларини ўқитиб, кейинчалик ишга жойлаштирмоқчи

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэл Хармс билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашувда 2024 йилда икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликдаги қатор лойиҳа ва режалар, ишбилармон доира вакиллари иштирокида турли тадбирларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий эътибор жорий йил май ойида Германия етакчи компания ва фирмалари вакилларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, унинг доирасида икки мамлакат етакчи компаниялар иштирокида қўшма бизнес-форум ва Б2Б шаклидаги учрашувлар ўтказиш масалаларига қаратилди.

Шунингдек, Германиянинг текстиль, енгил саноат, машинасозлик, металлургия, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари билан инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Наманган вилоятида «Фарғона водийси–Германия» форматида ишбилармонлар конференциясини ўтказиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Немис томони Германияда ўрта махсус малакадаги кадрларнинг кескин танқислиги кузатилаётган бир даврда, Ўзбекистон ёшларини дуал касбий таълим асосида ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш ва кейинчалик ишга жойлаштириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, суҳбатдош мамлакат ҳудудлари делегацияларининг Германияга ташрифларини, шу жумладан, немис компания ва банклари билан янги қўшма инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини тузиш юзасидан музокараларни ташкил этишда иштирок этишини маълум қилди.

Mashhur yangiliklar