15 Yanvar 2024, 21:49 Iqtisod

Геология соҳасига йилига 1 трлн сўмдан маблағ ажратилгани маълум бўлди

Соҳага хорижий технологиялар ва инвестициялар жалб қилишни давом эттириш, бу орқали геологик қидирувлар ва қазиб олиш натижадорлигини ошириш вазифалари қўйилди.

Геология соҳасига йилига 1 трлн сўмдан маблағ ажратилгани маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев 15 январь куни геология соҳасида қилинган ишлар ва келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги йилларда бу соҳага йилига 1 триллион сўмдан маблағ ажратилиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида 31 минг квадрат километр янги ҳудудлар ўрганилди. Хусусий сектор учун яратилган имкониятлар эвазига норуда конларга инвесторлар жалб қилинди. Бугунги кунда соҳада 1 миллиард 700 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Лекин соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Конлар ва уларни ўзлаштириш кўламини кенгайтириш мумкин. Тақдимотда шу борадаги истиқболли лойиҳалар, хусусан, жорий йилга мўлжалланган режалар тўғрисида ахборот берилди.

Давлат раҳбари уни тинглаб, яқин ва узоқ истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Бу соҳада узоқни кўзлаш ва замондан илгари юриш муҳимлиги таъкидланди. Шу боис маррани катта олиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, аниқланган захираларни самарали ўзлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Соҳага хорижий технологиялар ва инвестициялар жалб қилишни давом эттириш, бу орқали геологик қидирувлар ва қазиб олиш натижадорлигини ошириш вазифалари қўйилди. Аҳоли, ижтимоий соҳа ва саноат тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 22 фоизга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Илғор хорижий тажриба асосида, бойитиш чиқиндиларини қайта ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Mashhur yangiliklar