«Фарғонаазот» Сингапур компаниясига 140 млн долларга сотилади
Indorama компанияси заводни модернизация қилиш учун 100 миллион доллар инвестиция киритади.
«Фарғонаазот» акциядорлик жамияти Сингапурнинг «Indorama» компаниясига 140 миллион долларга сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялари пакети «Indorama Corporation Pte. Ltd» (Сингапур) компаниясига сотилиши бўйича келишувга эришилган.
Хусусийлаштириш жараёнига «Deloitte» халқаро консалтинг компанияси етакчи консултант, Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи, «KPMG» халқаро консалтинг компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, корхонани сотиб олишга 10 та даъвогар ариза берган. Энг мақбул таклиф Indorama томонидан тақдим этилган.
«Таклифга кўра, сотиб олиш қиймати қарийб 140 миллион долларни (130 млн АҚШ доллари ва 107 млрд сўмни) ташкил этади, шунингдек, инвестор томонидан корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиш мажбурияти олинади», — дейилади хабарда.
16 январ куни Ўзбекистон президентининг Сингапурга давлат ташрифи арафасида ташкил этилган Бизнес-форумда «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети бўйича олди-сотди шартномасининг асосий шартлари тўғрисидаги келишув имзоланган.