19 Iyun 2023, 12:25 Iqtisod

Энергетика вазирлиги Россиядан газ импорти шартномасига изоҳ берди

Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланган. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади. Шартнома муддати 2 йил.

Энергетика вазирлиги Россиядан газ импорти шартномасига изоҳ берди

Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 16 июн куни Петербург Халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республикамиз газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”га изоҳ берди.

Вазирлик хабарига кўра, газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGasTrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси А.Миллер имзолаган. Вазирлик шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилганини таъкидламоқда.

“Республикамиз истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир. Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади”, – дейилади расмий хабарда.

Қўшимча қилинишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилганлиги ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республикамиз ҳудудида янги газ ўлчаш стансияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябр ойига қадар якунлаш режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

“Йўл харитаси” доирасида республика газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Mashhur yangiliklar