Энергетика вазирлиги «Газпром» билан имзоланган йўл харитаси бўйича муносабат билдирди
«Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Газпром» компанияси ўртасида 24 январь куни газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланди.
Имзоланган йўл харитага мувофиқ томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Ўрта Осиё—Марказ газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олинди.
Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартларни муҳокама қилинади.
«Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда йўл харитасида Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.
Келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади», — дейилади вазирлик баёнотида.