Электр энергияси ва табиий газнинг таннархи маълум қилинди
Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, бу маблағларни ижтимоий соҳага сарфлаш мумкин бўлади, дея маълум қилган вазирлик.
Нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти, лекин соҳани доимий субсидиялаган ҳолда ривожлантириб бўлмайди, дея баёнот берди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.
Вазирликка кўра, 1 kWh электр энергиясининг таннархи 970 сўм, 1 куб метр газ таннархи эса 1890 сўмни ташкил этади. Таққослаш учун, амалдаги тарифларда хонадонларга 1 kWh электр 295 сўмдан, 1 куб метр табиий газ 380 сўмдан етказиб бериляпти. 1 октябрдан бошлаб аксарият тадбиркорлик субъектларига нисбатан 1 kWh электр учун 900 сўм, 1 куб метр табиий газ учун 1500 сўмлик тариф амал қила бошлайди.
«Демак, бир ойда ўртача 200 kWh электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.
Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.
Бу дегани бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда. Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир», – дейилади расмий ахборотда.