Долларнинг расмий курси илк марта 12 400 сўмдан ошди
2023 йил давомида миллий валюта биринчи рақамли халқаро валютага нисбатан 9,7 фоизга ўз қадрини йўқотган эди.
Ўзбекистон Марказий банки 11 январдан бошлаб 1 АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан қийматини 12 418,03 сўм (+20,99 сўм) деб белгилади.
Бу билан расмий курс янги тарихий максимумни қайд этди. Шу тариқа, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиш даражаси 2023 йил бошидан буён 10 фоиздан ошди.
2023 йил давомида миллий валюта биринчи рақамли халқаро валютага нисбатан 9,7 фоизга ўз қадрини йўқотган эди. Бу — 2021 ва 2022 йиллардаги кўрсаткичдан икки баробарга юқори.
10 январь куни тижорат банкларида 1 АҚШ доллари 12 335–12 390 сўм оралиғидаги нархда сотиб олинган бўлса, сотув курси 12 420–12 480 сўмлик диапазонда шаклланди.
Марказий банк белгилайдиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курси Ўзбекистон ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ва бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.
Сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши экспорт ва импорт ўртасидаги манфий сальдонинг ошиб бориши фонида рўй бермоқда. 2023 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26 фоизга ошиб, 57,3 млрд долларга етган, бунда импорт олтинни ҳисобга олмаган ҳолдаги экспорт кўрсаткичидан 11 млрд долларга ортиб кетган эди.