13 Iyun 2023, 15:15 Iqtisod

Credit Suisse банкига Ўзбекистондан янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди

Пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш учун Credit Suisse банкирларига хавф даражаси юқори мамлакатлардан янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди.

Credit Suisse банкига Ўзбекистондан янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди

UBS банки ўзи эгалик қилувчи Credit Suisse банки ходимларига пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш учун хавф даражаси юқори мамлакатлардан, шу жумладан, Ўзбекистондан янги мижозларни жалб қилишни тақиқлади, деб хабар берди Financial Times.

Нашр маълумотларига кўра, Швейцариянинг UBS банки жиддий муаммоларга учраган рақибини қўлга киритганидан кейин Credit Suisse банкирларига қаттиқ чекловлар қўйган. Шу жумладан, юқори хавф тоифасига кирувчи мамлакатлардан янги мижозлар жалб қилиш тақиқланган.

Пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш учун янги мижозларни жалб қилиш тақиқланган мамлакатлар рўйхатида Афғонистон, Албания, Беларусь, Буркина-Фасо, Конго, Сальвадор, Эритрея, Эфиопия, Гвинея, Гаити, Ироқ, Косово, Қирғизистон, Ливия, Молдова, Мьянма, Никарагуа, Фаластин, Россия, Шри-Ланка, Судан, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Венесуэла, Яман ва Зимбабве борлиги айтилган.

UBS ва Credit Suisse банкларининг ўзи бу қоидалар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди. Қайд этилишича, икки банк бирлаштирилган биринчи кундан бошлаб Credit Suisse ходимларига бир қатор фаолиятни тақиқловчи йигирмага яқин «қизил чизиқлар» рўйхати тузилган. Потенциал пул ювишнинг олдини олиш учун украиналик сиёсатчилар ва давлат корхоналари ҳам блокланиши айтилган. Credit Suisse ходимлари, шунингдек, UBS раҳбарларидан яхталар, кемалар ва 60 миллион доллардан ортиқ кўчмас мулк каби активлар билан таъминланган кредитлар муддатларини узайтириш учун рухсат сўрашлари керак бўлади.

Mashhur yangiliklar