4 Avgust 2023, 23:33 Iqtisod

Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери трактор ишлаб чиқаришни бошлади

Завод йилига 15 мингта трактор, тиркама ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш қувватига эга.

Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери трактор ишлаб чиқаришни бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини бориб кўрди.

Кластер давлат раҳбарининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Ўшандан бери қарийб 38 минг квадрат метр янги иншоотлар қурилиб, 35 минг квадрат метрдан ортиқ мавжуд бинолар таъмирланди.

Кластер ва «Тошкент трактор заводи» корхонасини ташкил этиш учун Чирчиққа 5 та корхона кўчирилиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи, Агрегат заводи, «Технолог», «Технолог-Стан» ва «Агросаноатмашинвест» корхоналари қуввати оптималлаштирилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кластер йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 1000 та ишчи ўрни яратилган. Муҳим жиҳат сифатида тармоқ корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, харажатлар ва маҳсулот таннархини камайтириш экани қайд этилди.

Кластер яқинда биринчи маҳаллий маҳсулот — универсал тракторни ишлаб чиқарди. Тошкент трактор заводи бош директори Азизбек Мухиддиновнинг айтишича, унинг маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоизни ташкил этади (50 фоизга етказиш режалаштирилган), хусусан, завод тракторнинг кабинаси, капоти ва бошқа қисмларини ишлаб чиқаради.

Mashhur yangiliklar