26 Sentabr 2023, 19:25 Iqtisod

BYD Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Шунингдек, Ўзбекистонга электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш кўзда тутилган.

BYD Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни Хитойнинг етакчи BYD компанияси президенти ва асосчиси Ван Чуаньфу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, хусусан, Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда кейинги босқичларда унинг қувватини 300 минг донага етказиш масалалари кўриб чиқилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг хабар беришича, 26 сентябрь куни вазирлик ва BYD ўртасида «Ўзбекистонда гибрид ва электр автомобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» инвестиция битими имзоланди. Ҳужжатга кўра, BYD Auto компанияси ва «Ўзавтосаноат» томонидан мамлакатда гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси ташкил этилади.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, учрашувда маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига ҳамда автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакатга BYD электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Mashhur yangiliklar