Бухорога ноқонуний тилла буюмлар олиб кираётган шахс ушланди
хорижлик фуқаронинг хатти-ҳаракати божхона ходимларида шубҳа уйғотган.
Бухорога хориждан яширин равишда ноқонуний йўл билан тилла буюмлар олиб кираётган шахс аниқланди.
Таъкидланишича, вилоят Божхона бошқармаси «Бухоро аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан қимматбаҳо рангли металларнинг Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирилишига чек қўйиш мақсадида белгиланган тартибда назорат ўрнатилган.
«Шереметево-Бухоро» авиарейси орқали кириб келган йўловчиларнинг юклари тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Айни шу жараёнда бир нафар хорижлик фуқаронинг хатти-ҳаракати божхона ходимларида шубҳа уйғотган. Ва унинг юклари юк кузатув сканери орқали текшириб кўрилган.
Натижада фуқаро С.Т.нинг юклари орасида божхона деклорациясида қайд этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида ҳам маълум қилинмаган, умумий қиймати 48,5 миллион сўмни ташкил этувчи соф вазни 97,02 граммга тенг бўлган тилла буюмлар яширин равишда олиб кирилгани аниқланган.
«Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тегишли тартибда иш олиб борилмоқда. Республикамиз ҳудудига жисмоний шахслар томонидан умумий оғирлиги 65 граммдан оғир бўлмаган қимматбаҳо металл ҳамда заргарлик буюмларини божхона божларини тўламаган ҳолда олиб киришга рухсат этилади. Ундан ортиқ вазндаги тилла буюмларни қонуний ҳужжатларсиз олиб кирилиши қатъий ман қилинган»,— дейди Дурдона Қаюмова.