29 Dekabr 2023, 15:05 Iqtisod

Бухорода «Ўзэнергоинспекция» мансабдори 50 минг доллар олганликда гумонланмоқда

У бир ёнилғи қуйиш шохобчасини қайта очишга, бошқасига эса лицензия олишга ёрдам беришга ва 2024 йилда текширувлар ҳақида хабардор қилишга ваъда берган.

Бухорода «Ўзэнергоинспекция» мансабдори 50 минг доллар олганликда гумонланмоқда

28 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «Ўзэнергоинспекция»нинг Бухоро вилояти бошқармаси ходими қўлга олинди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ташкилот мансабдори С.А. «I.G.A.S.» МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича унинг фаолиятини тиклаб бериш, «B.A.Y.Q.» МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш ҳамда 2024 йилда текшириш эълон қилинганда унга олдиндан хабар беришни ваъда қилган.

Эвазига 100 минг доллар талаб қилиб, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 минг долларини пора тариқасида олган вақтида ушланган, дейилади хабарда.

Ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mashhur yangiliklar