«Бу йил дунё иқтисоди 3 фоиз, Ўзбекистон иқтисоди 5,6 фоиз ўсиши кутилмоқда» — Жамшид Қўчқоров
Вазирнинг айтишича, бу йил жаҳон иқтисодиёти ўсиши қатор омиллар таъсирида сезиларли секинлашмоқда.
Ўзбекистоннинг 2023 йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиши 5,6 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишидаги чиқишида маълум қилди. Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, бу йил жаҳон иқтисодиёти ўсиши қатор омиллар таъсирида сезиларли секинлашмоқда.
«Дунёдаги иқтисодий вазият билан боғлиқ мураккабликларнинг сақланиб қолаётгани, хусусан, геосиёсий зиддиятларнинг кучайиб бориши, йирик мамлакатлар Марказий банкларининг фоиз ставкалари юқорилиги шароитида 2023 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиши ўтган йилга нисбатан 0,5 фоиз бандга секинлашиб, 3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Шунга қарамасдан мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштиришга йўналтирилган таркибий ислоҳотлар — тармоқлар, соҳалар, кичик бинес ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилаётгани, ўзаро мувофиқлашган пул–кредит сиёсатининг олиб борилиши Ўзбекистон иқтисодиётига ташқи хаталарларнинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида жорий йилда иқтисодий ўсиш суръати 5,6 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,7 фоиз, қурилиш 6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,7 фоиз, бозор хизматлари 13 фоизга ошади»,—деди вазир.
Бош вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг ўтган давридаги давлат бюджети даромадлари 2022 йилдаги кўрсаткичларги қараганда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,7 фоиз бандига пасайиб, 233 триллион сўмни (ЙИМнинг 22 фоиз) ташкил этди.