Бош прокуратура академияси биноси яна аукционга қўйилди
Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Бош прокуратура академияси биноси яна кимошди савдосига қўйилди. Бошланғич қиймат ўзгаришсиз қолди — 171,47 млрд сўм.
Тошкент шаҳри Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида жойлашган Бош прокуратура академиясининг бино ва иншоотлари яна сотувга қўйилди, деб хабар бермоқда E-auksion платформаси.
Объект январь ойида кимошди савдосига чиқарилганди, аммо мулк сотилмади. Биноларнинг умумий майдони 9560 квадрат метрни ташкил қилади. Улар 0,36 гектар майдонда жойлашган. Бошланғич нарх ўзгармади — 171,47 млрд. Шу билан бирга, бўнак пули (закалат) суммаси 5 фоиздан 1 фоизга туширилди.
Қолган шартлар ўзгаришсиз қолди. Хусусан, сотилгандан кейин Бош прокуратура академияси бино ва иншоотлардан бир йил давомида бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Харидор объект қийматининг камида 35% ини тўлаши керак, у бир йил ичида қолган суммани тўлаши мумкин. Аризалар 3 июлга қадар қабул қилинади, шу куни соат 10:00 да аукцион ўтказилади.