Болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергетиклар рекламасига чекловлар кучайтирилади
Мактаб ва боғчаларда болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва уларнинг истеъмолини камайтириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда мактабача ва мактаб таълим тизимида соғлом овқатланишни таъминлаш, бунда болалар ва ёшлар ўртасида семизликни 30 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда.
Хусусан, «Аҳоли саломатлиги–2030» миллий стратегияси лойиҳасининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган амалий тадбирлар режасига кўра, болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловлар кучайтирилади.
Шунингдек, таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва уларнинг истеъмолини камайтириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар учун тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар ва гигиена қоидалари бўйича тавсиялар тўпламини яратиш мўлжалланган.