Биткоин августдан бери илк бор 24 минг доллардан ошди
Бугун дунёдаги энг қиммат криптовалютанинг нархи 23 792 доллар бўлиб турибди.
Биткоин август ойидан бери энг юқори кўрсаткич — 24 минг долларга етди.
Дунёдаги энг йирик кирптовалютанинг ўсишига АҚШ Федерал резерв тизими раиси Жером Пауэллнинг изоҳи сабаб бўлди. Инвесторлар унинг гапларини келажакда пул-кредит сиёсати юмшоқроқ бўлади деган маънода қабул қилди.
FTX криптобиржасининг банкротлиги ортидан биткоин ва бошқа криптовалюталар кескин арзонлашган эди. Кейинчалик криптовалюта бозоридаги оптимизм АҚШда инфляциянинг пасайиши ва Хитойда карантин чораларининг юмшатилиши фонида пайдо бўлди.
Тошкент вақти билан 2 февраль, соат 06:00 да биткоин 24,2 минг доллар атрофида сотилди. Бу 13 августдан бери энг юқори кўрсаткичдир. 12:00 га келиб дунёдаги энг қиммат криптовалютанинг нархи 23 792 доллар бўлиб турибди.
Биткоиннинг бозор қиймати август ўрталарида 500 млрд доллардан юқори бўлиб турганди. Кейинчалик криптовалютанинг бозор қиймати 300 млрд долларгача пасайди. Айни пайтда бу кўрсаткич 458 млрд долларга тенг ва кўпайиб бормоқда.