Банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартибига ўзгартириш киритилди
Банкларнинг вакиллик ҳисобварағида етарли маблағлар мавжуд бўлмаган ҳолатлар овердрафт сифатида акс эттирилиши белгиланмоқда.
Марказий банк «Банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилди.
Унга кўра, филиалга эга бўлмаган банк ёки банк филиалини банклараро тўлов тизимига улаш учун белгиланган қоидалар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
Шунингдек, банкларнинг вакиллик ҳисобварағида етарли маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, клиринг орқали ишловчи тўлов тизимларидан олинган банклар ўртасидаги якуний ҳисоб-китобга оид маълумотлар асосида амалга оширилган тўловлар бўйича маблағлар овердрафт сифатида акс эттирилиши белгиланди. Вакиллик ҳисобварағида овердрафт юзага келган банкнинг Марказий банк ҳисоб-китоблар клиринг тизими ва тезкор тўловлар тизими орқали операциялари вакиллик ҳисобварағида ижобий қолдиқ шакллангунга қадар тўхтатилади.