22 Noyabr 2023, 16:48 Iqtisod

Қандолатчиларга экспорт билан боғлиқ операциялари учун 3 млн долларгача маблағ ажратилади

Ўзбекистонда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, экспорт қилувчилар 3 млн долларгача миқдорда молиявий ресурслар олиши мумкин бўлди. Шунингдек, текстиль саноати ҳам янги молиявий қўллаб-қувватлаш пакетига эга бўлди.

Қандолатчиларга экспорт билан боғлиқ операциялари учун 3 млн долларгача маблағ ажратилади

«Айрим саноат тармоқларида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қандолатчилик корхоналарига экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади:

  • экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларигача бўлганда – 1 миллион АҚШ долларигача;
  • экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 2 миллион АҚШ долларигача;
  • экспорт ҳажми 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 3 миллион АҚШ долларигача.

2025 йил 1 январгача кенг турдаги қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилади. Фармон билан текстиль саноатини қўллашнинг қўшимча чоралари ҳам белгиланмоқда.

Унга кўра, 2025 йил 1 январгача ип-калава ишлаб чиқарувчиларга пахта ва сунъий толани ўз эҳтиёжи учун импорт қилишда (қўшни давлатлардан ташқари) транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. 2024 йил 31 декабргача ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғимнинг амалдаги миқдори 5 бараварга камайтирилади.

2024 йил 31 декабргача бўялган мато ва бўялган газламани реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларни ички бозорда сотиш улуши камида 50 фоизни ташкил қилган корхоналарга ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш ҳамда уч йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 октябргача тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолияти учун зарур бўлган айрим товарларни импорт қилишда божхона божидан озод қилинади. Саноат зоналарида ер майдонлари ҳамда бино ва иншоотларни ижарага беришда тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш даври амалдаги 12 ойдан 24 ойгача узайтирилади.

Mashhur yangiliklar