Айрим туманларда тадбиркорлар учун фойда солиғи 1 фоиз бўлади
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача солиқ солишнинг табақалаштирилган тартиби жорий этилади.
Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни «Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан:
- республиканинг 208 та туман ва шаҳарлари 5 та тоифага ажратилади;
- туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, субсидиялар берилади.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача солиқ солишнинг қуйидаги табақалаштирилган тартиби жорий этилади:
5-тоифадаги (қуйидаги жадвалда келтирилган) туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар:
- фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, буджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно.
Шунингдек, 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган ЯТТлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади.