30 Aprel 2024, 13:47 Iqtisod

Айрим тўловларни нақд пулсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда

Хусусан, кўчмас мулк ва автомобиль савдосини фақат нақд пулсиз амалга ошириш белгиланмоқда. Айрим ходимларга ҳам ойлик иш ҳақини пластик карталар орқали бериш таклиф этилмоқда.

Айрим тўловларни нақд пулсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.

Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган бўлиб, ҳозирда вазирлик ва идоралар орқали кўриб чиқилмоқда. Ҳужжат билан, улгуржи савдони тўлиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш тартибига ўтказиш таклиф этилмоқда.

2024 йилнинг 1 майидан уй-жой, кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотуви фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Мазкур операциялар доирасида комиссия тўловлари бекор қилинади.

Бунда, фуқаролар томонидан олди-сотди шартномаларини банк маълумотлари асосида, юридик шахслар томонидан эса электрон ҳисобварақ-фактура орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса нотариал расмийлаштирилади.

Шунингдек, товар ва хизматларнинг умумий қиймати $3 мингдан ошганда тўловларни фақат нақд пульсиз ҳисоб-китоб орқали амалга ошириш белгиланмоқда.

Барча бюджет ташкилотлари (шу жумладан қуролли кучлар), ОТМлар ҳамда йирик солиқ тўловчилар ишчи ходимларига ойлик иш ҳақини 100% банк карталари орқали бериш илгари сурилмоқда.

Фақат нақд пульсиз ҳисоб-китоблар орқали амалга ошириладиган хизматлар каталоги тасдиқланади. У ўз ичига давлат хизматлари, коммунал хизматлар, тўлов контрактларини олади.

Бизнес вакиллари, банклар билан биргаликда «WeChat» ва «Kaspi» тизимларининг ўхшаши бўлган технологик тизимини яратиш бўйича таклифларни ҳукуматга тақдим этади.

Тизим онлайн давлат хизматлари ва тўловлари, жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмалар, шахсий маблағларни бошқариш ва онлайн савдо хизматларини ўз ичига олиши белгиланмоқда. Унинг барча жараёнлари нақд пульсиз ҳисоб-китоб орқали ва дастлабки 5 йил давомида бепул амалга оширилади.

2023 йилнинг декабрида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланганини маълум қилганди. Гап айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ҳақида бормоқда.

Mashhur yangiliklar