16 Aprel 2024, 09:56 Иқтисод

2024 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 5,3 фоизни ташкил этади

Банкнинг иқтисодий таҳлилида қайд этилишича, жорий йилда камбағаллик даражаси 4,3 фоизгача қисқариши кутилмоқда.

2024 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 5,3 фоизни ташкил этади

Жаҳон банки «Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётлари шарҳи» номли навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 6 фоизга ўсгани, 2024 йилда прогноз қилинаётган ЯИМ ўсиши 5,3%ни ташкил этиши қайд этилган.

Жорий йилда мамлакат Тожикистон (6,5%), Арманистон (5,5%), Грузия (5,2%) ва Қирғизистон (4,5%) билан бир қаторда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар бешлигидан жой олиши кутилмоқда.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, ЯИМ ўсишига кутилаётган фискал консолидация чоралари ҳамда мамлакатнинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитойга экспорт ўсиши суръатларининг секинлашиши таъсир кўрсатади.

Хусусан, бунга давлат корхоналарини реструктуризация қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш, шунингдек, энергетика соҳасини ривожлантиришга йирик сармоялар киритиш таъсир кўрсатади.

Энергетика соҳасида тарифларни ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлган ички энергия бозорида нархларнинг нисбатан кескин ошиши ҳисобига 2024 йилда инфляциянинг ошиши кутилмоқда.

Бу тўлақонли инфляцион таргетлашга ўтишни якунлаётган Ўзбекистон Марказий банкининг (МБ) қатъий пул-кредит сиёсати билан қисман қопланади. Ўрта муддатли истиқболда инфляция 8%гача секинлашиши кутилмоқда, бу эса Марказий банкнинг 5%лик мақсадли кўрсаткичидан юқори.

Машҳур янгиликлар