30 Iyul 2023, 18:37 Iqtisod

1 августдан иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори ошади

Бу ўзгариш боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун тўланадиган миқдорга ҳам тааллуқли.

1 августдан иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори ошади

28 июль куни Ўзбекистон президентининг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-120-сонли] фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 августдан:

  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм (олдин — 535 000 сўм эди);
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 568 000 сўм;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 198 000 сўм этиб белгиланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.

Ўзбекистонда 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори 330 000 сўм этиб белгиланганди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилган.

Mashhur yangiliklar