Йил бошидан бери хотин-қизларга 335,5 млрд сўм фоизсиз таълим кредити ажратилди
2023 йилнинг ўтган даврида магистратурада ўқийдиган 14,1 минг нафар хотин-қизнинг тўлов-шартномаси учун 85,1 млрд сўм тўлаб берилди. 36 мингдан зиёд талаба хотин-қизга 335,5 млрд сўм фоизсиз таълим кредити ажратилди.
21 август куни АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева 2023 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонда аёлларга қанча моддий ёрдам кўрсатилгани ҳақида маълумот берди.
Республикада давлат ОТМларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади. Бунга ҳар йили камида давлат бюджетидан 200 млрд сўм ажратилади. Брифингда келтирилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида ўқув йилининг 2-ярми учун магистратурада ўқийдиган 14 110 нафар хотин-қизнинг тўлов-шартномасига 85,1 млрд сўм маблағ тўлаб берилди. 36 минг нафардан зиёд талаба хотин-қиз учун 335,5 млрд сўм имтиёзли (фоизсиз) таълим кредитлари ажратилди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари ўртасида грант танлови ўтказилди. Унда 118 та маҳалладан келган таклифлар кўриб чиқилиб, энг яхши деб топилган 66 та лойиҳа учун жами 3 млрд 186 млн сўм давлат гранти ажратилди. Таклиф этилган лойиҳаларга мувофиқ 1062 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.