3 Avgust 2023, 09:33 Iqtisod

Ҳар бир тадбиркорга алоҳида солиқчи бириктирилади

1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботларни тақдим этмайди, 2024 йилдан эса кичик бизнес субъектлари электрон ҳисобот тизимига ўтади.

Ҳар бир тадбиркорга алоҳида солиқчи бириктирилади
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилиш учун алоҳида солиқ ходими масъул бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Бунда йиллик айланмаси:

  • 1 млрд сўмгача бўлган микро бизнес вакиллари билан маҳалладаги солиқ ходимлари;
  • 10 млрд сўмгача бўлган кичик тадбиркорлар билан туман солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 млрд сўмгача бўлган ўрта бизнес корхоналари билан вилоят солиқ раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
  • 100 млрд сўмдан юқори бўлган йирик корхоналар билан эса Солиқ қўмитаси ўринбосарлари шахсан ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб боради.

1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобот топширмайди. Бу ишлар билан маҳаллага бириктирилган солиқчилар шуғулланади.

2024 йил 1 январдан эса кичик бизнес субъектлари ва фермерларнинг ҳисоботини солиқ идоралари электрон шаклда юритадиган тизим бўлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитасига солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш бўйича тизим яратиш топширилди.

Mashhur yangiliklar