Аҳолига ажратилган автокредитлар ҳажми бир йилда икки баравардан ошди
Январь–июнь ойларида банклар томонидан 116 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Шундан аҳолига ажратилган кредитлар 46 трлн сўмни ташкил этади.
2023 йилнинг биринчи ярмида банклар томонидан 116 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган ҳисоботда келтирилган.
Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ошганини қайд этди. Хусусан, кредитларнинг 60 фоизи (70 триллион сўм) корпоратив ва 40 фоизи (46 триллион сўм) аҳолига ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, уларнинг 24 фоизи қисқа муддатли, қолган 76 фоизи узоқ муддатли кредитларни ташкил этади.
Миллий валютада ажратилган кредитлар 68 фоизни ташкил этиб, қолган 32 фоизи хорижий валютадаги кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Банклар томонидан 85 триллион сўмлик кредитлар сўндирилиб, уларнинг қайтувчанлик даражаси 73 фоизни ташкил этди. Жами кредит қўйилмалари қолдиғи — 424 триллион сўм. Уларнинг 71 фоизи корпоратив кредитлар, 29 фоизи чакана кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, жами кредит портфели қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга ёки 80,2 триллион сўмга ўсган. Аҳолига ажратилган кредитлар таркибида автокредитлар ҳажми 2,12 баробар ошиб, 33,5 триллион сўмни ташкил этган. Ипотека кредитлари 26 фоизга ўсиб, 51 триллион сўмга, микроқарзлар 25 фоизга ўсиб, — 18,9 триллион сўмга етган.
Бу даврда миллий валютадаги кредит портфели ўтган йилга нисбатан 29 фоизни ташкил этган бўлса, хорижий валютада 17 фоизга ўсган. Мазкур ҳолат, хорижий валютадаги кредитларнинг қайтувчанлик даражасининг 10 фоиз бандга ошиб, 87 фоизни ташкил этгани ҳамда ўтган йилга нисбатан банклар томонидан ажратилган кредитлар таркибида хорижий валютадаги кредитлар улуши 34 фоиздан 32 фоизгача пасайгани билан изоҳланади.