Оилавий тадбиркорлик учун ярим йилда қанча кредит берилгани маълум қилинди
Ҳозирда камбағаллик даражаси энг паст ҳудуд — Тошкент шаҳри (8,5 фоиз) ҳисобланади.
Ўзбекистонда январь–июнь ойларида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қанча ишлар бажарилди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатда камбағалликни қисқартириш ва бандлик органлари орқали 190,5 минг фуқаролар доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилган. Шу билан бирга, 74,7 минг фуқаролар касб-ҳунарга ўқитишга, 67,6 минг фуқаролар жамоат ишларига жалб этилган. Яна 30,6 минг фуқаролар бандлигини таъминлаш учун 137,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди.
«Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 13 триллион сўм кредит ажратиш белгиланиб, ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида январь-июнь ойларида 248,1 минг фуқарога 5,2 триллион сўм (40 фоиз) кредит маблағлари ажратилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Ҳисобот даврида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 417,6 минг аҳолига 96,7 минг гектар ер майдони ажратиш белгиланиб, 80,7 минг (83,5 фоиз) гектар экин ерлари электрон савдо платформаси орқали 223,9 минг (53,6 фоиз) аҳолига ижара асосида ажратилди. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари кўмагида 2,076 триллион сўмлик 9 минг 834 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали 36 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди.
Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳоли (2023 йил 1 июль ҳолатига) сони 36 миллион 372 минг кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда камбағаллик даражаси 14,1 фоиз. Бу 5 миллион 95 минг нафардан ортиқ одамнинг ойлик даромадлари минимал истеъмол харажатлари (568 минг сўм) даражасида дегани.
Республикада камбағаллик даражаси энг юқори ҳудуд — Қорақалпоғистон бўлиб, у ердаги қарийб 19,7 фоиз аҳолининг даромадлари минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам. Сирдарё ва Хоразм аҳолиси орасида ҳам шунга яқин кўрсаткич — 19,5 ва 19,1 фоиз камбағаллик мавжуд. Ҳозирда камбағаллик даражаси энг паст ҳудуд — Тошкент шаҳри (8,5 фоиз) ҳисобланади.