28 Iyul 2023, 12:37 Iqtisod

Ўзбекистон ва Испания ишбилармонлар кенгаши тузилади

2023 йилнинг тўртинчи чорагида мазкур масала юзасидан икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида амалий учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Испания ишбилармонлар кенгаши тузилади

Ўзбекистон ва Испания ўртасида савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга йўналтирилган тадбирлар доирасида мамлакат вакилининг Испания савдо-саноат палатаси халқаро бошқармаси бошлиғи Хайме Монталво билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси маълумотига кўра, музокаралар чоғида жорий йил 1 март куни Тошкент шаҳрида икки давлат ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши доирасида имзоланган «Иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик механизмлари ҳақида»ги битимида белгиланган Испания ҳукумати томонидан Ўзбекистонга 250 миллион еврогача бўлган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида икки томоннинг етакчи компаниялари иштирокида ишбилармонлар кенгашини тузиш масаласи муҳокама қилинди.

Х.Монталво ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида ўтказилган бизнес форумида Испаниядаги етакчи компанияларнинг 50 нафарга яқин вакили иштирок этиб, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирганини таъкидлади. Ўз навбатида, Испания компаниялари томонидан Ўзбекистонга мазкур имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши мамлакатда кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиши тўғрисида фикр билдирилгани ҳам қайд этилди. Учрашув якунлари бўйича 2023 йилнинг тўртинчи чорагида мазкур масала юзасидан икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида амалий учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

Mashhur yangiliklar