25 Iyul 2023, 17:58 Iqtisod

Ўзбекистоннинг 14 та банки Unistream тизими билан ишлашни тўхтатди

Ушбу банклар тизим билан ишлаш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган ва ноқулайликлар учун узр сўраган.

Ўзбекистоннинг 14 та банки Unistream тизими билан ишлашни тўхтатди

Ўзбекистоннинг бир нечта банки бирин-кетин Россиянинг Unistream пул ўтказмалари тизими билан ишлашни тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Марказий банк ахборот хизмати ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Олинган маълумотга кўра, ҳақиқатан ҳам 14 та банк ушбу халқаро пул ўтказмалари тизими билан ишлашни тўхтатган. Дастлаб «Халқ банки», «Ипотека банк», «Турон банк» ва «Ориент Финанс банк» томонидан, кун якунига яқин Трастбанк томонидан эълон қилинди. Ушбу банклар тизим билан ишлаш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган ва ноқулайликлар учун узр сўраган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон банкларидан «Капиталбанк» бир йил олдин, «Ипак Йўли» банки эса ўтган йил февраль ойида ушбу тизим билан ишлашини тўхатган эди. Ижтимоий тармоқларларда мазкур пул ўтказмалари тизимидан фойдаланиш яна бир нечта банкда, хусусан, «Асакабанк», «Агробанк», «Азия Алянс банк», «Алоқабанк» ва «Инфинбанк»да тўхтатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. «Агробанк», «Асакабанк», «Азия Алянс банк»ларнинг расмий веб-сайтларида пул ўтказмалари бўлимида келтирилган тизимлар рўйхатида Unistream олиб ташланган.

Бироқ «Алоқабанк» ва «Инфинбанк» расмий веб-сайтининг тегишли бўлимида юқоридаги тизим бўйича маълумотлар ва шартлар ҳозирча мавжуд. Бошқа тижорат банклари ҳозирча ушбу тизим билан ишлаш ёки ишламаслиги тўғрисида расман маълум қилмаган. Мазкур тизим эгаси Unistream банки АҚШнинг блокловчи санкциясига тушган эди. Тизим Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ўтказишда етакчилардан бири ҳисобланади.

Mashhur yangiliklar