Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гуруч нархи ошиб кетиши ҳақидаги хабарларни рад этди
Тармоқларда Ҳиндистон гуруч экспортини тақиқлаши ортидан Ўзбекистонда маҳсулот нархи ошиб кетиши ҳақида хабар тарқалди.
Ҳиндистон бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тақиқлаши ортидан дунёда озиқ-овқат нархининг ошиши кузатилиши башорат қилинганди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хавотирлар ўринсиз ва бу ҳолат мамлакатдаги нархга ўз таъсирини кўрсатмайди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштиради. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилга 9,8 кг дан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолиси тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.
Республика худудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилган. Гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).
Тахлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.
Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%) ва Хиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02%) гуруч импоти амалга оширилган.
«Юқоридагиларни инобатга олиб, хулосага кўра, сўнгги 5 йилда Ҳиндистон мамлакатидан республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос. Жорий йилда Ҳиндистоннинг бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тўхталиши Ўзбекистон Республикасига ўз таъсирини кўрсатмайди», — дея маълумот берди вазирлик.