11 Yanvar 2023, 20:49 Iqtisod

Президент кўмир ва уран ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди

«Шарғун» ва «Бойсун» конларини ўзлаштириш орқали кўмир ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент кўмир ва уран ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев 11 январь куни кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Ҳозирда энергия эҳтиёжини таъминлаш учун барча манбалар қатори кўмир қазиб олиш ҳажми ҳам кенгайтирилмоқда. Охирги беш йилда бу кўрсаткич йилига 4 миллион тоннадан 5 миллион 300 минг тоннага оширилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудда қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд. Давлат раҳбари бу салоҳиятдан самарали фойдаланиб, кўмир қазиб олиш ҳажмини изчил ошириш вазифасини қўйган эди.

Тақдимотда шу борада қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Хусусан, 2023 йилда «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади.

Президент «Шарғун» ва «Бойсун» конларини ўзлаштириш орқали юқори сифатли кўмир ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатиб ўтди. Бу конларга инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

2022 йил 14 июлда «Навоиюран» давлат корхонасида уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинган эди. Хусусан, уни қазиб чиқаришни 2030 йилгача 2 баробарга ошириб, 7,1 минг тоннага етказиш чоралари белгиланган.

Йиғилишда ушбу чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Франциянинг Орано Мининг компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берилди. Президент ушбу ҳамкорлик доирасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча янги конларни аниқлаш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Mashhur yangiliklar