26 Iyun 2023, 10:23 Iqtisod

Май ойида бензин ишлаб чиқариш кескин камайди, нефть маҳсулотлари импорти ошди

Йил бошидан буён Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш 3 баравар — 139,6 минг тоннадан 46,2 минг тоннагача қисқарди. Бунинг фонида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти кескин ўсди. Дизель ишлаб чиқариш ўсишда давом этмоқда.

Май ойида бензин ишлаб чиқариш кескин камайди, нефть маҳсулотлари импорти ошди

Май ойида Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш кескин камайди. Бу Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганиб чиққан саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларида акс этган.

Январь-май ойларида бензин ишлаб чиқариш 550,8 минг тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш йил бошидан буён 3 баравар камайди, пасайиш кетма-кет тўртинчи ой давом этмоқда: январь — 139,6 минг, февраль — 124,3 минг, март — 121,4 минг, апрель — 119,3 минг, май — 46,2 минг тонна. Таққослаш учун, ўтган йилнинг май ойида 92,7 минг тонна ёнилғи ишлаб чиқарилганди.

Йилнинг дастлабки беш ойида нефть қазиб олиш 327,6 минг тоннага етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпдир. Май ойида ишлаб чиқариш 69,1 минг тоннагача ўсди, бу 2022 йилнинг майига нисбатан (70 минг тонна) озгина камроқ. Дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 2022 йилнинг январь-май ойларига нисбатан 2,2 баробарга — 231,9 минг тоннадан 504,3 минг тоннагача ўсди. Агар январь ойида корхоналар томонидан 50,5 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, май ойида ишлаб чиқариш ҳажми 173,9 минг тоннага етди.

Бензин ишлаб чиқаришнинг қисқариши фонида Ўзбекистоннинг ушбу маҳсулот импортига қарамлиги ортди. Хусусан, йилнинг дастлабки беш ойида 76,2 фоизга кўпроқ — 852,4 миллион долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 230,7 миллион долларлик импорт биргина май ойининг ўзида амалга оширилган. Январь-май ойларида Ўзбекистондан нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробарга ошиб, 91,5 миллион долларга етди.

Mashhur yangiliklar