2023 йилда қурилиш чиқинди полигонларини қуриш учун 27,8 млрд сўм ажратилади
Табиат ресурслари вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Республикада «Экологик патруль» ишлаш тизими доирасида ички ишлар, миллий гвардия ва экология органлари ходимларидан иборат 90 та гуруҳлар ташкил этилди.
Ахборот ва оммавий коммукациялар агентлигида Табиат ресурслари вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддатини 7 йилдан 10 йилга бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилиши юзасидан амалдаги давлат-хусусий шериклик битимларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 августдаги «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши натижасида санитар тозалаш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлик субъектларига бир-қатор имтиёзлар белгиланди. Жумладан, санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси ҳамда Санитар тозалаш хизматларини ташкил этиш марказлари санитар тозалаш хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган 10 фоиз миқдоридаги ажратмалардан озод қилинди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа муассасаларида ўрнатилиши лозим бўлган 9 минг 526 та чиқинди контейнерларидан 8 минг 686 таси ўрнатилди. Республикадаги 239 та қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларининг 64 таси рекултивация қилинди. Шундан 44 та полигон фаолияти тўхтатилди ва ҳокимият ер захирасига қайтариб топширилди. Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳудудида ҳам 15 гектар ер майдонида 2,8 миллиард сўм буджет маблағлари ҳисобидан қурилиш чиқинди полигони ташкил этилди.