Ўзбекистонда март ойида йиллик инфляция 11,7 фоизгача тушди
Якунланган ойда нархлар ўсиши бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи бўлди.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг март ойида 1 фоизлик инфляция қайд этилди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар бермоқда.
Истеъмол нархлари йил бошидан бери 2,4 фоизга ошган. Йиллик инфляция пасайиб 11,7 фоизни ташкил қилди. Бу 2022 йил май ойидан бери энг паст кўрсаткич.
Март ойида Ресторан ва меҳмонхона хизматлари бўлими бўйича нархлар 2,8 фоизга ошган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар бўлими бўйича бу кўрсаткич 1,6 фоизни, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари бўйича эса 1,43 фоизни ташкил қилди.
Якунланган ойда нархлар ўсиши бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари етакчи бўлди. Мазкур гуруҳ учун йиллик нархлар ўсиши 14,6 фоизга етди ва бу сўнгги уч йилдаги энг юқори кўрсаткич.
Мартда февралга нисбатан қовоқ (29,8 фоиз), помидор (20,2 фоиз), карам (17,1 фоиз) ва кўкатлар (15 фоиз) нархи кескин ошди. Пиёз нархлари эса ўтган ой 1,4 фоизга арзонлаган бўлса ҳам, 2022 йилнинг мартига нисбатан 135,5 фоизга ошган.