Ўзбекистон Марказий Осиёда ягона тўлов тизими яратишни таклиф қилди
Ягона мустақил арбитраж тизимини яратиш, ягона тўлов тизимига эга товар ва хизматлар, етказиб берувчилар учун минтақавий платформани яратиш ҳам таклиф этилди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ягона тўлов тизимини яратишни таклиф қилди. Бу масала 17 март куни бўлиб ўтган АҚШ ва Марказий Осиё мамлакат ҳукуматлари ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича Ҳадли битим кенгаши йиғилишида айтиб ўтилди.
Самарқандда ўтказилган ушбу йиғилиш АҚШ Савдо вакили идораси ва Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури Департаменти кўмагида ташкил қилинган. Тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари делегациялари иштирок этди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шу нуқтайи назардан, ишга солинмаган ресурс ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда биргаликда чора-тадбирлар кўриш, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштириш ва ягона мустақил арбитраж тизимини яратиш, ягона тўлов тизимига эга бўлган товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун минтақавий платформани яратиш, хавфларни прогнозлаш ва бошқариш мақсадида дата-марказлар ҳамда экспорт ва импорт қилувчилар базаларини яратиш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлашни таклиф этди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлашнинг электрон тизимларини, SLDP тавсияларига асосланган божхона қоида ва тартиботларини жорий этиш, фитосанитария талабларини уйғунлаштириш, илғор тажриба алмашиш, минтақада хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича ташаббуслар ҳам билдирилди.