Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди
Бюджет ташкилотларининг объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг манзилли рўйхатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади.
Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни «2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар томонидан 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2023 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий параметрлари ҳамда 2024-2025 йиллар учун мақсадли мўлжаллар;
- 2023 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш доирасида молиялаштириладиган йўналишларнинг асосий параметрлари;
- 2023 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини ишга тушириш ва янги қувватлар яратишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда 2024-2025 йиллар учун мақсадли мўлжаллар;
- 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатлар;
- 2023 йилда маъмурий, муҳандислик-инфратузилма, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат;
- 2023 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва мудофаа объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли рўйхат ва бошқалар.
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг манзилли рўйхатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади.
Ўрнатилган тартибга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларига:
- лойиҳаларни (объектларни) молиявий ресурслар билан таъминлаш имкониятини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишмасдан дастурга киритиш;
- шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишмасдан дастурга киритилган лойиҳаларнинг (объектларнинг) лойиҳавий ечимларини ўзгартириш тўғрисида таклиф тайёрлаш тақиқланади.
2023 йилдан бошлаб дастур доирасида маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг (объектларнинг) манзилли рўйхатлари ҳудудий иқтисодиёт ва молия бошқармалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.