Тошкентда блогер Дилшод Назаров ҳибсга олинди
У терговга келишдан бўйин товлагани учун қидирувга берилган.
Dili.me номи билан танилган блогер Дилшод Назаров қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 23 январь куни вайнер шериклари билан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро П.А.ни уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинган. Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.