«Бизга жуда зўр театр қўйиб беришди». Mittivine жамоаси аъзоси Улуғбек дўсти Фарҳоднинг вафоти сабабларини ошкор қилди
У ижтимоий тармоқларда ва нашрларда эълон қилинган хабарлар ёлғон эканини айтди
Mittivine жамоаси аъзоси Улуғбек Шодибеков Фарҳод Манноповнинг вафотидан сўнг илк марта интервью берди.
Улуғбек мазкур интервьюда дўстининг ўлими билан боғлиқ барча хабарларга ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, Фарҳод Маннопов операцияси учун жуда узоқ вақт кетган. Шифокорлар бунинг сабабини бошқа беморлар ҳам келгани билан изоҳлаган. Бироқ қарийб 7 соатдан сўнг улар Фарҳод Маннопов кома ҳолатида эканини маълум қилган. Улуғбек ушбу вазиятда бутунлай ўзини йўқотиб қўйган.
Маълум бўлишича, операция давомида Фарҳоднинг юраги уч маротаба тўхтаб қолган. Юрак тўхташ давомийлиги 2-3 дақиқа бўлган. Вазиятдан ғазабланган Улуғбек яхшироқ шифокорларга мурожаат қилган ва мазкур шифохонага олиб келган.
«Кейин унга фақат биз олиб келган шифокорлар қарай бошлади. Ҳолати бироз яхшиланган, умид озгина бор, дейишди. Агар бизга юрак қанча вақт тўхтаб қолганини аниқ айтишганда шунга қараб иш қилинар эди. Энг аламлиси шуни тўғри айтишмагани ва кеч хабардор бўлганимиз. Орада жанжал бўлди. Улардан масъулиятли бўлишни талаб қилдим, улар деярли ҳаракат қилмади. Сабаби улар ҳаммасини билиб бўлганди. Ҳамма ҳаракат ўзимиз томонимиздан бўлди, шу менга ёқмаяпти. Бизга жуда зўр театр қўйиб беришди», дейди блогер.
Mittivine тахаллуси билан танилган, Instagram’да 1,1 миллион обуначиси бўлган блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда унинг дўстлари маълум қилганди. Маълумотларга кўра, у бир неча кун аввал бассейнда боши ва бурнидан жароҳат олган. Шундан сўнг, ушбу жароҳат устидан операция ўтказилган. Операциядан кейин у кома ҳолатидан чиқа олмаган.
Марҳумнинг дафн маросими 5 март куни Аср намози вақтида бўлиб ўтди. Жанозада 10 мингдан ортиқ одам қатнашгани айтилмоқда. 6 март куни Бош прокуратура Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.