Халқаро бренд товарларини импорт қилувчилар реестри шакллантирилади
Реестрга кириш учун ариза берувчи Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ариза юборади.
Вазирлар Маҳкамасида 9 март куни Халқаро бренд товарларини импорт қилувчилар реестри шакллантирилиши тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, реестрга кириш учун ариза берувчи Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ариза юборади. Аризага, жумладан, қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- ариза берувчи халқаро брендлар товарларининг айрим турларининг бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- маҳсулот етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри тузилган импорт шартномалари;
- товарларнинг сифати ёки хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- товарнинг келиб чиқиш мамлакати ва ишлаб чиқарувчиси ҳақида дастлабки маълумот.
Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 20 иш кунида кўриб чиқилади. Ариза берувчини ва халқаро брендлар товарларининг Реестрга киритилганлиги тўғрисидаги сертификат 1 йил амал қилиш муддати билан берилади.
Реестрга киритиш бўйича аризани кўриб чиқиш учун тўлов қиймати ҳар бир импорт шартнома суммасининг, қўшимча келишувлар бўйича – қўшимча келишув суммасининг 0,8 фоизи миқдорида ҳисобланиб, ушбу миқдорга ҚҚС алоҳида қўшилган ҳолда ундирилади. Сертификатни қайта расмийлаштириш учун БҲМнинг 5 баробари (1,5 млн сўм) миқдорида тўлов ундирилади.